ЗАРИНА НИЗОМУТДИНОВА: “ҲЕЧ БИР АЁЛ АЖРАШАМАН ДЕБ ТУРМУШГА ЧИҚМАЙДИ!”

Машҳурликнинг юки осонмас. Айниқса, машҳурнинг оиласи билан боғлиқ билан хабар тарқалса, бу юк вазнини кўринг! Латофатли актриса Зарина Низомутдинованинг иккинчи турмушидан ажрашиши билан боғлиқ хабарлар катта шов-шувларга айланиб кетди. Таъбир жоиз бўлса, шу хабарлар ортидан бўлаётган муҳокама сабаб, ижтимоий тармоқлар “портлаяпти”!

(foto: shov-shuv.uz)
Актриса ва хонанда ҳамма миш-мишларга нуқта қўйиш мақсадида бор ҳақиқатларини айтиш истагида интервью беришни лозим топиб, сайтимизга мурожаат этди...

-Иккинчи турмуш қурганимда, мухлисларим мендан хафа бўлди. Чунки, турмуш ўртоғим мендан 16 ёш катта. Нега, шундай ёш актриса, ўрта ёшли киши билан оила қуряпти деган саволлар урчиди.  Ҳаётнинг иссиқ-совуғини кўрган одамга турмушга чиқишни ният қилгандим. Ташқи кўринишига эътибор бермадим. Баҳром аканинг ҳамма гапларига ишондим. Оиласидан ажрашгани, ҳали катта орзу умидлари борлиги, мени бахтли қилиши, карьерамга ёрдам бериши...

Раҳмдил инсонман. Ишондим ва рози бўлдим. Севгига ишонмаслигим учун ҳам ақлим билан иш тутдим. “Инсоннинг қалби бўлиши керак, ташқи чиройига нон ботириб ейсанми?” дейишди, атрофимдагилар. Тўй бериб, турмушга чиқдим. Оз ўтмай, “бировнинг оиласини бузди” деган гаплар тарқалди. Мен тушунмай қолдим. Қанақа оила?  Ахир, у ажрашганман деб айтганди. Халқ кўз олдида мен кимнингдир оиласини бузган бўлиб қолдим. Агар, мен кимнингдир оиласини бузмоқчи бўлсам, Баҳром акани танлайманми? Ниятим бузуқ бўлса, шунча оилали, бой йигитларнинг сони қанча?! Баҳром ака инсонийлик жиҳатдан ўзини кўрсата олгани учун рози бўлдим. Мухлислар қанча гапирмасин, мен турмуш ўртоғимни қўллаб-қувватладим. Оилани хоҳлаганим учун ҳам ёши катта инсонни танладим. Бошқа уйланиш таклифини билдирганлар ижодни йиғиштириб, уйда ўтирасиз, дегани учун ҳам рози бўлмаганман. Шунча қоралаб ташлашгани етмаганидай, яна бўтқага қоришди. Тўғрисини айтсам, сева олмадим... Ҳозир ота-онамникида яшаяпман. У менга олиб берган барча нарсаларни, ҳатто, автомашинани ҳам қайтариб бердим. Чунки, мен ва собиқ турмуш ўртоғимни ҳеч нарса боғлашини истамайман!  
Карьерамдан узоқлаша бошладим. Эътибор беришса, бир йил кинода ҳам чиқмадим-ку?! Санъатда ҳам бир йилга йўқолиб кетдим. Бошида ваъдалар бошқача эди. Келишмовчиликлар бошланди. Охири, ҳаммасига нуқта қўйишимизга тўғри келди. Оиламизда ёлғон аралашди, ғийбатлар кўпайди. Душман бўлмасдан, дўстона муносабатда қолишни истадим. Келишиб олдик. Ёруғ юз билан хайрлашдик. Ваҳоланки, ҳеч бир аёл ажрашаман деб турмушга чиқмайди!

-“Инстаграм”да ёнингизда пайдо бўлган дўстми ё дўстдан яқинроқ муносабатдаги йигит билан тушган суратларингиз гап-сўзлар болалашига сабаб бўлди...
-У менинг дўстим. Уни 3 йилдан бери танийман. Баҳром акани учратишдан олдин ҳам танирдим. Турмуш ўртоғим билан яшаётганимда ҳам дўстим билан суратларимни ижтимоий тармоқларга қўйдим. Уни хушторимга йўйишди. Кечирасиз-у, юрадиган аёл хушторини бекитмайдими?!

-Иккинчи марта турмушга чиқиб, яна ажрашдингиз. Нима топиб, нима йўқотдингиз?
-Ҳеч нима топмадим. Баҳром акага эса бахт тилайман. Мен ҳам ўз бахтимни топишни истайман. Энди тенгимни топиб, оила қураман.

-Балки, фарзандли бўлганингизда, оилангиз мустаҳкам бўлиб қолармиди?
-Менимча, йўқ.  Шунча аёл турмушга чиқяпти. Бироқ, менинг иккинчи турмушим катта шов-шувга айланиб кетди. Турмуш ўртоғимни қоралаш фикридан йироқман. Ўзимни оқлаш истагим ҳам йўқ. Балки, дунёқарашларимиз тўла мос келмади.

(foto: shou-biznes.uz)


-Бу биринчи маротаба ажрашишингиз эмас. Биринчи оилангиз бузилишига нима сабаб бўлган?
-Биринчи турмуш ўртоғимни ҳалигача ҳурмат қиламан. У киши мендан 6 ёш катта. Ёш турмушга чиққаним, жиддий ҳаётга эрта қадам қўйганим сабабми, ўзга юртда мослашиб кетиш қийин бўлди. У ҳаддан зиёд рашкчи эди. Рашк бўлгани яхши, бироқ меъёридан ортиқ бўлса, аёлга жуда қийин бўларкан.

-Фарзандингиз отасини соғиниб турадими?
-Темурхон отасини эслолмайди. Швециядан эса фарзанди кўргани келиши собиқ эрим учун мушкулроқ. Биринчи турмуш ўртоғим Тўлқин фарзандим билан хорижда кўришишни истайди. Бироқ, бунга ҳали тайёр эмасман. Фарзандим улғайгач, албатта отасини кўриши учун унинг ёнига юбораман.

-Фарзандингиз “янги ота”сини ўз отасидек қабул қила олдими? Унинг фарзандингизга бўлган меҳридан она сифатида қониқдингизми?
-Тўғри, кўп совғалар олиб берди. Мактабга берганимда, онамнинг ёнига юбордим. Онам шунча пайт ўғлимни тарбия қилди.

-Европада турмуш ўртоғингиз билан ўтган ширин дамларни эсламайсизми? Балки, унга нисбатан меҳрингизни шу ширин хотиралар яна қайтариб берар?
-Ширин дамлар? Инстаграмда ўзимни хурсанд қилиб кўрсатгандек бўлдим, қалбим нималар ҳис қилгани эса фақат ўзимга аён.

-Бахт нималигига энди жавоб топа олдингизми?
-Ўғлим борлиги, ота-онам борлиги бахт. Ақлим йиғилди. Шуни тушуниб етганим учун ҳам бахтлиман.

-Шоҳруҳхон билан “Ромео ва Жульетта” фильмидаги ижро этган ролингиз ҳануз севимли. Шу фильмдаги Жамила каби  чин муҳаббатга етишишни истайсизми (албатта, тарагедик ниҳоясиз!)?
-Жамила каби ҳаммага қарши кетиб, севишни истамайман. Бугун менда бошқа бир хулоса мавжуд: севиб турмушга чиқиш кераклигига амин бўлдим. Кўр-кўрона, раҳм билан оила қуриш – мустаҳкам бўлмас экан.

(foto: instagram.com/zarinanizomutdinova)

-Алишер Усмонов ҳақида батафсилроқ тўхталсангиз...Дарвоқе, кўпчиликнинг фикрича, турмуш ўртоғингизга нисбатан аламзадалик у билан жуда яқин бўлишингизга сабаб бўлмоқда?
-Алишер Усмонов мен учун акамдек бўлиб қолган. “Арслон изидан...” фильми суратга олиш жараёнида танишиб қолдик. Омма ўйлаётгандек, у қадар аҳмоқ эмасман. У севган инсоним бўлганида, ҳаммаёққа овоза-ю дарвоза қилмасдим. Инсонлар менинг шахсий ҳаётимга бурун тиқаётгани ғалати. Турмуш ўртоғим билан дўстона хайрлашдим. Агар, у менга хиёнат қилганида ё ташлаб кетганида, мен ҳам алам қилсин қабилида иш тутсам!?  Бунга асос йўқ.



-Маълумотларга қараганда, дўстингиз – Алишер сизни халқаро даражада танитишга, қимматбаҳо машина совға қилишга ваъда берган...
-(кулади). Йўқ, бундай ваъдаларни иккинчи турмуш ўртоғим берган.

-Усмоновни севиб қолсангиз-чи?
-Ҳеч қачон. Ўзимга ишонаман. Уч йилдан бери ака-сингилдек муносабатдамиз. Бирга суратга тушиш бу севишиш дегани эмас-ку?! Устига-устак, яқинда бирга фильмда суратга тушяпмиз. “Инстаграм”даги шов-шувларга сабаб бўлган фотосуратларнинг аксарияти суратга олиш ишларидан олдинги синов жараёни.  

-Ижтимоий тармоқларда ёғилаётган негатив фикрлар, ҳақоратомуз мулоҳазаларни қандай енгяпсиз?
-Бу нарсаларга аҳамият бермасликка ҳаракат қиламан. Одамларга қоралашлар жуда ёқади. Нега ижодимни муҳокама қилишмайди-ю, биронта ғийбат пайдо бўлса, дарров тош отишга ўтишади? Билиб қўйинглар, қолдираётган “коммент”ларингизнинг биттасини ҳам ўқимайман. Ҳаддидан ошиб кетганларни блоклаб қўяман. Душманларимга айтмоқчиман, мазза қилиб ёзганингиз бир тийин. Аҳамият ҳам бермайман. Сайтингиз орқали ўша вақтини бекор ўтказиб, мени қоралаш билан банд бўлаётганларга жавоб беряпман.

-Алишер ажрашганингизда нима маслаҳат берди?
-“Ҳеч нарсага аҳамият берманг. Қалбингизга қулоқ тутинг. Дўстларингиз ёнингизда!”

-Севги изҳорларини қабул қиласизми?
-Мухлисларим ҳар доим гуллар ва совғалар юбориб туришади. Мухлисларимнинг ўзи ажрашишимни исташди. Ажрашсам, энди бунақа гаплар. Айрим одамларни умуман, тушуниб бўлмайди.

-Яхши келин бўла олдингизми?
-Қайнонам билан яшамадим.

-Яхши рафиқа-чи?
-Турмуш ўртоғим ўзгарганини атрофдагилар, дўстлари сезди.  Демак, муносиб рафиқа бўла олдим.

(foto: odnoklassniki.ru)

-Мухлисларга, оммага нима деган бўлардингиз?
-Мухлис - мухлис бўлишини тилаб қолардим, ғийбатчи эмас! Мухлис оғир-енгил пайтда бирга бўлиши керак. Мени бўлар-бўлмас бўҳтонга қориштирмасдан, ўз ҳаётимни яшашимга қўйиб беринглар! Ҳар кимнинг гуноҳи-ю савоби ўзига! Ҳаммамиз бахтли бўлайлик! Ахир, бир марта яшаймиз!
Жасур ҲАМРОЕВ
manba: www.shov-shuv.uz

Комментарии