Австралияга олиб кетилмаганлар. Топ-10


Австралияда бўлиб ўтадиган Осиё Кубогида иштирок этиш учун миллий терма жамоамиз яна 2 кундан кейин турнирдаги дастлабки учрашувини ўтказади. Бу мусобақа учун Миржалол Қосимов 23 нафар футболчини олиб кетди. Регламент бўйича Қосимов 23 нафардан ортиқ футболчини олиб кетиши мумкин эмас эди. Биз қуйида Австралия яшил майдонларида бўлиб ўтадиган Осиё кубогига олиб кетилмаган ўзбекистонлик футболчиларнинг 10талик рейтингини этиборингизга ҳавола этамиз. Шуни такидлаб ўтиш жоизки, бу рўйхат М.Қосимов ёки мурабийлар штабига эътироз эмас, балким шунчаки назарий мақола, холос. Демак, бошладик.


10-ўрин. Александр Лобанов. Бу мавсум «Пахтакор» чемпион бўлишида катта роль ўйнади. Мавсум давомида у Олий лигадаги биронта ҳам ўйинда алмаштирилмаган (26 та ўйин) кўплаб учрашувларда “қуруқ” серияни ушлаб қолган Александр Лобанов мана икки йилдирки ажойиб формада эканлиги ва юқори савиядаги дарвозабон эканлигини кўрсатиб келмоқда. Аммо шундай хислатларга эга бўлган дарвозабон Осиё кубогидан четда қолди.

МТЖдаги статистикаси: Ўйин - 0/гол – 0.

9-ўрин. Олег Зотеев. Бу футболчи М.Қосимовга у даражада бегона эмас. Бундан икки йил олдим айнан Қосимов Олегни «Олмалиқ»дан «Бунёдкор»га олиб келган эди. Олег Зотеев бу мавсум анча ишончли ўйин кўрсатди, 23 та ўйинда 3 та гол урди. У қанотда ҳам, марказда ҳам, ҳимояда ҳам бемалол ўзини кўрсата олади. Керак бўлган вақтда ҳужумчиларга анча далда ҳам бўла олади. Аммо ҳозирги кундаги миллий терма жамоамизда хорижда ўйнаётган легионерларимизнинг “дасти”дан Зотеевга асосий таркибда жой топилиши қийин масала.

МТЖдаги статистикаси: Ўйин - 12/Гол – 1.

8-ўрин. Диёржон Туропов. Ёшлар ўртасида Туркияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатидан сўнг кўп бор ёрқин истеъдод эгаси, келажаги порлоқ бўлажак футболчи сифатида кўп бор этироф этилган Диёр Тўропов миллий терма жамоа сафида Уммонга қарши учрашувда ўз дебютини нишонлади. Шундан сўнг терма жамоага чақирилмади. Умумий кўринишда олиб қараганда Диёр Туропов 2014 йилги мавсумда ажойиб ҳаракат қилди. Голлар урди, жамоасининг ғалабаларига ҳисса қўшди, аммо «Олмалиқ» бош мурабийи Игор Шквирин интервьюларида Диёр Туроповни юлдузлик касаллигига берилиб кетаётганликда айблади ва Диёржон анча илиқ тасурот қолдираётган вазиятлардаҳам уни алмаштириб юбораверди. Шу ва бошқа сабаблар туфайли Диёржон Австралия яшил майдонларидан четда қолиб кетди.

МТЖдаги статистикаси: Ўйин - 1/Гол – 0.

7-ўрин. Сардор Собирхўжаев. Мавсумни юқори ноталарда бошлаган, ўзидан ёши катта жамоадошлари орасида йўқолиб қолмаган Сардор Собирхўжаев Австралияга учган айрим жамоадошларига қараганда бу мавсум Олий лигада кўпроқ ҳаракат қилди, югурди, сакради, йиқилди, турди, тўпни тепди, оширди, паслар қилди, аммо Миржалол Қосимовнинг этиборини торта олмади. Осиё Кубогига боролмаганининг ҳиссасини 2018-йилги ЖЧда битта қилиб чиқазишига умид қилиб қоламиз.

МТЖдаги статистикаси: Ўйин - 0/Гол – 0.

6-ўрин. Шерзод Каримов. Ўз вақтида ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида терма жамоамизни Сардор сифатида майдонга олиб тушган, индивидуал техникаси билан тилларда достон бўлган, ёшлигиданоқ “Пахтакор” сафида майдонга туша бошлаган Шерзод Каримов иккинчи даврада анча жонланди. Айрим баҳсларда захирадан майдонга тушган Шерзодбек «Пахтакор» сафида ҳали ҳам бир вақтлардагидек катта тезликка эка эканини кўп бор намойиш этди. Мавсум сўнгига яқин кўп учрашувларда ўнг қанотдан ҳаракатланган Шерзодни тўхтатиш ҳимоячилар учун анча мушкул кечди. Ҳозирги кунда бизда Ж.Ҳасанов, С.Турсунов, С.Рашидов каби футболчиларимиз ўнг ва чап қанотларда ҳаракатланаётган вазиятда Шерзодга иш топилмаслиги мумкин, лекин Худо кўрсатмасин Мундиал давомида бирон бир қанотларда ҳаракатланувчи ярим ҳимоячимиз жароҳатланса, Шерзодни катта фойдаси тегар эди. Айниқса, Шерзод захирадан майдонга тушиб, ўйинни жонлантириб юбориш хусусиятига эга. Агарда Шерзод Осиё Кубогига борганида хорижлик скаутларни этиборини ҳам осонликча торта олган бўлар эди.

МТЖдаги статистикаси: Ўйин - 5/Гол – 0.

5-ўрин. Азиз Ибрагимов. Бир қанча мавсумларни хорижда ўтказиб, анча-мунча халқаро тажриба тўплаб қўйган Азиз Ибрагимов иккинчи даврада Олий лигамизда энг сўнги поғонада турган Андижон билан шартнома имзолади. Иккинчи давранинг ўзида 3 та гол урди, жамоадошлари учун ҳам бир нечта вазиятлар яратиб берди. Олий лигадаги ўйинларидан келиб чиқиб айтиш мумкин эди, Азиз Ибрагимовнинг ҳозир энг «етилган» пайти эди. Йиллар давомида тўпланган тажрибаси МТЖга Осиё Кубогида ас қотган бўларди, Азиз Ибрагимовдан «сюрприз» кутиш мумкин эди.

МТЖ даги статистикаси: Ўйин - 17/Гол – 3.

4-ўрин. Акбар Исматуллаев. Ярим ҳимоячи бу мавсум Олий лигада анча стабил ўйин намойиш эта олди. Акбар анча вазмин, оғир-босиқ футбол намойиш этади, ҳужумга ортиқча берилиб кеймайди. Ўз ишини билиб-билиб қиладиган Акбар Исматуллаев Ўзбекистоннинг ҳимоя қўрғонини керагича ҳимоя қила олар эди. Акбаржон бу мавсум «Пахтакор» сафида 22 та баҳсда ҳаракатланди. Таянч ярим ҳимоясида ўйнаган бўлса-да бор-йўғи битта сариқ карточка олди. Ҳаяжонини бемалол жиловлай оладиган, ортиқча ҳис-туйғуга берилиб кетмайдиган шундай футболчини бемалол халқаро майдондаги учрашувларга қўрқмасдан ташлайверишнинг айни вақтида Қосимов А.Исматуллаевни МТЖ даражасида эмас, деб ўйлади шекилли. МТЖда соғлом рақобатни ривожлантириш учун ҳам Акбар Исматуллаев каби футболчилар МТЖга зарур.

МТЖдаги статистикаси: Ўйин - 5/Гол – 0.

3-ўрин. Владимир Козак. Миржалол Қосимов амалдаги мамлакат чемпионидан бор-йўғи 3 нафар футболчини якуний рўйхатга киритди. Майдондаги амплуаси бўйича ноёб нусхадаги унивeрсал футболчини Қосимов Австралияга олиб кетмади. Козак бу мавсум давомида «Пахтакор»да катта ҳажмдаги ишни бажарди, 25 та учрашувда 5 та гол. Владимир Козак майдонда ҳимоячи, таянч ярим ҳимоячиси, марказий ярим ҳимоячиси сифатида бемалол ҳаракатлана олади. Козакда кучли зарба ва майдонни яхши кўриш қобилияти шаклланган. У мамлакат чемпионининг асосий фигураларидан бўлишига қарамай, якуний таркибга киритилмади.

МТЖдаги статистикаси: Ўйин - 4/Гол – 0.

2-ўрин. Фозил Мусаев. Бундан бир йил муқаддам «Бунёдкор» сафида Миржалол Қосимов қўл остида ҳаракатланган Фозил Мусаев бундан бир неча кун олдин Эроннинг “Сепоҳон” клубига кўчиб ўтди. Фозил юқори техника ва супертезлик соҳиби ҳисобланади. Ажойиб спринтер тўпга айланма зарбалар бериш қобилиятига эга. Фозил Мусаев бу мавсум Олий лигада 22 та учрашувда ҳаракатланиб, 2 бор рақиб дарвозабонларини доғда қолдирди. Ўзбекистон кубоги финалида эса тўлиқ 120 дақиқа ҳаракатланиб, “Локомотив” билан ғолибликни тантана қилди. Ўз вақтида Олимпия терма жамоамизга сардорлик қилган Фозил Мусаев қандай қилиб Осиё Кубогида ўйиндан ташқари ҳолатда қолганига ақлбовар қилмайди.

МТЖдаги статистикаси: Ўйин - 19/Гол - 0

1-ўрин. Александр Гейнрих. Сашани ортиқча таърифлаб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Миллий терма жамоада 83 та учрашувда майдонга тушиб, 28 та гол уришга эришган Гейнрих, 2014 йилги мавсумнинг иккинчи ярмида “Локомотив” билан шартнома имзолади ва Олий лигада 11 та учрашувда майдонга тушиб, 7 та гол уришга эришди. Жарима зарбалари ва бурчак тўпларини тепишни дўндирадиган, қоқилиш, йиқилиш, думалаш, ағанаш, юмалаш бўйича “докторлик десертация”ларини ёзган. Тержа жамоа тўпурарлари рўйхатида пешқадамликка яқин бўлган Гейнрих Автралияга олиб кетилмаганлиги жуда ғалати. Жумладан, Баҳодир Насимовга қараганда анча яхши формада бўлган Гейнрихнинг олдига шоулар кўрсатиш бўйича ҳеч ким туша олмаса керак. Жепаров ва Нестеров билан бир авлод вакили бўлган Гейнрихнинг Осиё кубогида бизга анчагина нафи теккан бўларди. Қатардаги Осиё кубогидан кейинг хорижий жамоаларда 3,5 йил мусофирликда юрган Гейнрих ким билибди дейсиз, балким Автралиядаги Осиё кубогидан кейин ҳам 3-4 йилга “командировка”га кетармиди? Миржалол Қосимов қайси сабаблар туфайли Гейнрихни олиб кетмади билмадигу, аммо Қосимов кўп нарса йўқотди деб ўйлардим.

МТЖдаги статистикаси: Ўйин - 83/Гол – 28.
Улуғбек Худойберганов
Манба: www.stadion.uz.
(2015-yilning 8-yanvarida Std.uz sayitida nashr etilgan maqolam)

Комментарии